Ўзбекистонда илк маротаба олий таълим муассасаси Европа иттифоқида ўз филиалини ташкил этди

Жорий йилнинг 30 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар» масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида республикадаги олий таълим муассасаларига бир қатор вазифалар белгиланган эди. 

ТДСИ Ахборот хизмати

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти томонидан юқори малакали ва рақобатбардош тиббиёт кадрларни тайёрлашда, таълим ва фан соҳаларидаги хорижий илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва амалиётга татбиқ этишда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва уни минтақавий таълим сифатида танитишда, Испаниянинг Балеар университетининг АДЕМА стоматология университетида Тошкент давлат стоматология институтининг филиали ташкил этилди.

Ушбу масалага оид келишув ҳужжати 2020 йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги  ва Испаниянинг Палма де Майорка провинцияси раҳбарияти, Испаниянинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Балеар университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда имзоланди.

ТДСИ Ахборот хизмати

Онлайн конференция тарзида ўтказилган музокарада Тошкент давлат стоматология институти раҳбарияти ҳамда Испания Соғлиқни сақлаш вазири П. Гомес, Пальма де Майорка шаҳри мэри Х. Хила, Балеар университети Президенти Д. Карасско, Испаниянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Карлос Мартинес иштирок этди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида ҳар иккала олий таълим муассасаси томонидан ҳар йили 30 нафар педагог дарс машғулотларига жалб этилиши, стоматологиянинг олтита йўналиши бўйича испаниялик мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака оширишлари учун курсларда ўқитишга келишиб олинди. Шунингдек, 2021 йилдан 100 нафар испаниялик талаба стоматология йўналиши бўйича малака курсларига қабул қилинади ва испаниялик беморларга Ўзбекистондаги тиббий туризм тизими салоҳиятидан фойдаланишга шароит яратиш каби йўналишлар белгилаб олинди.

ТДСИ Ахборот хизмати

Маълумот ўрнида: Испаниянинг Балеар университети 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, Балеар ҳукумати томонидан бошқарилади. Бугунги кунда мазкур университетда 18.000 зиёд талабалар ижтимоий-гуманитар, тиббиёт, стоматология, техника, ахборот технологиялари каби йўналишларда таълим олишмоқда. Университет қошидаги 7 та илмий лабораторияда биология, экология, рақамли тиббиёт ва генетика йўналишларида илмий-тадқиқот изланишлар олиб борилмоқда.

Leave a Comment