Ўзбекистонда илк маротаба олий таълим муассасаси Европа иттифоқида ўз филиалини ташкил қилди.

Жорий йилнинг 30 октябр куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар» масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида республикадаги олий таълим муассасалари олдига бир қатор вазифалар қўйилган эди. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти юқори малакали ва рақобатбардош тиббиёт кадрларни тайёрлашда, таълим ва фан соҳаларидаги хорижий илғор тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ этишда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва уни минтақавий таълим сифатида танитишда, Испаниянинг Балеар университетининг АДЕМА стоматология университетида Тошкент давлат стоматология институтининг филиали ташкил этилди.

2020 йил 18 декабр куни Испаниянинг Палма де Майорка провинцияси раҳбарияти, Испаниянинг соғлиқни сақлаш вазирлиги, Балеар университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мазкур келишув имзоланди.

Онлайн конференция тарзида ўтказилган музокарада Испания соғлиқни сақлаш вазири П.Гомес, Пальма де Майорка шаҳри мэри Х.Хила, Балеар университети президенти Д.Карасско, Испаниянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Карлос Мартинес иштирок этди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида ҳар иккала олий таълим муассасаси томонидан ҳар йили 30 нафар педагоглар дарс машғулотларига жалб этилиши, стоматологиянинг олтита йўналиши бўйича испаниялик мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малака оширишлари учун курсларда ўқитишга келишиб олинди. Шунингдек, 2021 йилдан 100 нафар испаниялик талаба стоматология йўналиши бўйича малака курсларига қабул қилинади ва испаниялик беморларга Ўзбекистондаги тиббий туризм тизими салоҳиятидан фойдаланишга шароит яратиш каби йўналишлар белгилаб олинди.

Маълумот ўрнида: Испаниянинг Балеар университети 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, Балеар ҳукумати томонидан бошқарилади. Бугунги кунда 18 000 дан ортиқ талабалар ижтимоий-гуманитар, тиббиёт, стоматология, техника, ахборот технологиялари каби йўналишларда таълим олмоқда. Университет қошидаги 7 та илмий лабораторияларда биология, экология, рақамли тиббиёт ва генетика йўналишларида илмий тадқиқот олиб борилмоқда. 

Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Leave a Comment