Стоматологларнинг халқаро анжумани Пойтахтимизда стоматологлар халқаро анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент давлат стоматология институти, Ўзбекистон стоматологлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари, шифокорлар, талабалар билан бир қаторда АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Жанубий Корея, Франция, Италия, Нидерландия, Литва, Польша, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг илм-фан муассасалари етакчи мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.Ҳожибоев, Тошкент давлат стоматология институти ректори Ж.Ризаев ва бошқалар соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш, халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни такомиллаштириш бугунги кунда жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан учрашувларида, видеоселектор мажлисларида соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар таҳлил этилиб, соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариш борасида тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги вазифаларнинг самарали ечимини топиш, тиббиётда сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди, дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бирламчи тиббий-профилактика ва патронаж хизматини яхшилаш, шошилинч ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни замонавийлаштириш, хусусий тиббиётни ривожлантиришга доир ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

– Тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида стоматология хизматини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон стоматологлар уюшмаси раиси Адҳам Ҳасанов. – Бугунги кунда мамлакатимизда мингдан ортиқ давлат ва нодавлат стоматология клиникалари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Уларда беш ярим мингга яқин малакали шифокор фаолият юритаётир. Тиббиёт соҳаси, хусусан, нодавлат тиббиёт муассасаларига давлатимиз томонидан берилаётган солиқ ва молиявий имтиёзлар, четдан янги тиббий технологияларни олиб киришда яратилаётган қулайликлар соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. Натижада диагностика ва даволаш ишларини такомиллаштириш, тиш, милк ва юз-жағ касалликларини самарали даволашга эришилмоқда.

Аҳолига бу йўналишда хизмат кўрсатиш сифатини оширишда тиббий таълим тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Тошкент давлат стоматология институти бу борада етакчи таълим муассасасидир. Ҳозирги кунда ушбу институтда бир минг бир юз йигит-қиз бакалавр босқичида таълим олмоқда. Таълимнинг беш йўналишида магистратура ва тўққиз йўналишда клиник ординатура жорий этилган.

Олий таълим муассасаси малакали кадрлар тайёрлаш, жаҳон илм-фанининг илғор тажрибаларини амалиётга жорий этиш мақсадида мамлакатимиздаги етакчи таълим, илм-фан ва тиббиёт муассасалари билан бир қаторда жаҳоннинг ўнга яқин давлатидаги таълим ва тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Халқаро анжуманда мамлакатимиз тиббиёти ва таълим тизими ҳамда илм-фанимизнинг бу борадаги салоҳияти кенг намойиш этилди.

Мазкур тадбирда Халқаро стоматологлар ассоциацияси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг қатнашгани тиббий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиликларни тарғиб қилиш, замонавий технологияларни кенг оммалаштириш, кадрлар тайёрлашда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

– Анжуманга юқори савияда тайёргарлик кўрилган, – дейди Халқаро стоматологлар федерацияси собиқ президенти Тин Чун Вонг (Хитой). – Дунёнинг кўплаб етакчи олимлари ва экспертларини бир даврага жамлаган ушбу тадбир стоматологиянинг ютуқларини тарғиб этиш баробарида олдимизда турган муҳим вазифаларни муҳокама қилиш имконини берди. Мен анжуманда стоматология ва умумий саломатлик ўртасидаги боғлиқлик мавзуида маъруза қилдим. Ҳозирги кунда илм-фан бу борада қатор муҳим натижаларга эришгани инсон саломатлигида муҳим омил бўлмоқда.

– Бугунги кунда стоматологиянинг барча соҳалари жадал ривожланмоқда, – дейди «Dentsply sirona» компаниясининг вице-президенти Жорж Вогел (Австрия). – Хусусан, ортодонтияга Cad/Cam технологияларининг кириб келиши бемор учун ҳам, шифокор учун ҳам катта қулайлик яратмоқда. 3D технологияси асосида ишлайдиган бу замонавий технологиялар юз-жағ касалликларига аниқ ташхис қўйиш, самарали даволаш, инсонга соғлом табассум ҳадя этиш имкониятини кенгайтирмоқда. Ўзбекистон тиббиётида бундай илғор технологиялардан фойдаланиш борасида имкониятлар етарли. Шифокорларнинг билим ва тажрибаси халқаро андозаларга тўлиқ жавоб беради. Талабаларнинг билимга чанқоқлиги, ҳаракатчанлиги кишида ҳавас уйғотади. Ўзбекистон ёшлари янги технологияларни мукаммал эгаллаб, жаҳон тиббиёти ривожига ўз улушини қўшади.

Анжуманда стоматология соҳасида қўлланилаётган замонавий асбоб-ускуналар кўргазмаси намойиш этилди. Пародонтология, ортодонтия, тиш имплантологияси ва бошқа соҳалар бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Ёш олимлар анжумани ўтказилди.

Баҳор Хидирова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА

Манба: УзА