Тошкент давлат стоматология институтида тиббий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида жаҳон илм-фани ютуқлари юзасидан маҳорат дарслари ўтказилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари, шифокорлар, талабалар ва исроиллик мутахассислар иштирок этди.

Тошкент давлат стоматология институти проректори М.Дўстмуҳамедов ва бошқалар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини юксалтиришда тиббий таълим тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури бу борадаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган учрашувларида тиббий таълим тизимини такомиллаштириш борасида ҳам муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Айни пайтда тиббий таълим муассасаларида бу борадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Тошкент давлат стоматология институтида хориждаги нуфузли тиббий таълим муассасалари ва етакчи клиникаларнинг олимлари ва мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари уюштирилаётир.

Тошкент давлат стоматология институтида бугунги кунда бир минг бир юз нафар бакалавр таълим олади. Таълимнинг беш йўналишида магистратура ва тўққиз йўналишда клиник ординатура жорий этилган.

Олий таълим муассасаси малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фаннинг илғор тажрибаларини амалиётга жорий этиш мақсадида жаҳоннинг ўнга яқин мамлакатидаги таълим ва тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида 2016 йилда қирқдан зиёд олим ва ёш тадқиқотчи хорижий мамлакатларда бўлиб, тажриба оширди.

Исроилдан келган мутахассислар иштирокида ўтган тадбирда тиббиётнинг турли йўналишлари, жумладан, стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги, офтальмология, нейрохирургия каби соҳалардаги илмий янгиликларга оид маърузалар тингланди.

– Ўзбекистонда жамиятнинг барча жабҳалари қатори соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда, – дейди Исроилнинг «Хорев» клиникаси раҳбари, профессор Роман Барак. – Тошкентдаги бир қатор клиникаларда, тиббий олий таълим муассасаларида маҳорат дарсларида иштирок этдик. Бундай ҳамкорлик тиббиёт равнақига хизмат қилади.

Баҳор Хидирова, ЎзА