Ватанимиз келажагининг қандай бўлиши ҳозирги ёш авлоднинг қандай таълим-тарбия олишига боғлиқ. Фан-техника жадал тараққий этиб бораётган бизнинг асримизда ёш авлод тарбияси алоҳида аҳамият касб этади. Буни ҳисобга олган ҳолда ёшлар таълим-тарбиясига ватанимизда давлат аҳамиятига эга масала сифатида катта эътибор қаратилмоқда.

Бу борада ғамхўрлик қилиш фақат давлатимиз ёки мактабларнинг эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчи ҳисобланади.
Фарзандларимизни соғлом, билимли, юксак ахлоқли, мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга, ватанпарвар, комил инсонлар этиб вояга етказишда таълим-тарбия ишини уйғун ҳолда олиб боришни талаб этади. Таълим-тарбия ишининг уйғунлигини таъминлашда янги инсонни тарбиялаш, унга таълим бериш билан бир вақтда амалга ошириладиган комплекс жараён эканлиги, яъни таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан ажратиб бўлмаслиги, яъни таълим жараёнида тарбия берилиши, тарбия жараёнида эса, таълим бериб борилишини ҳисобга олиш зарур.

Бола тарбияси серқирра ва масъулиятли жараён бўлиб, уни англаб етиш ва такомиллаштириш учун шу жараён иштирокчиларини, уларнинг мазкур масаладаги ўрни, аҳамияти ва асосий вазифаларини аниқ тасаввур қилиш лозим. Бола тарбияси жараёни иштирокчиларининг биринчиси ота-она, улардан кейин мактаб ва ўқитувчи-устоз, ижтимоий ҳаёт муҳити ҳамда бола тарбиясига ҳар турли таъсирлар кўрсатувчи бошқа омиллар ҳисобланади. Ўсиб келаётган авлод тарбияси билан шуғулланувчи ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида, аввало, шахсни кўриши зарур.

Ҳозирда баркамол шахсни тарбиялаб вояга етказишда қўлланилаётган китоблар таълим- тарбиянинг кенг тарқалган ва пухта воситаларидан бўлиб, уларда ота-она фарзандига одобдан афзалроқ, одобдан қимматлироқ нарсани ҳадя қила олмаслиги алоҳида таъкидланади. Бундан одоб фарзанд учун дунёнинг барча мол-мулкидан ҳам афзалдир, деган хулоса чиқариш мумкин. Чунки ота-она боласига дунёнинг бор мол-мулкини бериб қўйса-ю, боланинг одоби бўлмаса, у ўша мулкни ўзи ва ота-онасининг бошига катта ташвиш, тузалмас балога айлантириши ҳеч гап эмас. Агар ота-она боласига чиройли одоб ҳадя қилса, фарзанди мазкур одоб ила ота-онасига ва ўзига керакли обрўни ҳам, бойлик ва мол-мулкни ҳам топиб келтиради.

Термизий ривоят қилган ҳадислардан бирида шундай дейилади: ота-она фарзанди учун ҳар нарсага ҳамиша тайёр туради. Дунёда ўзидан ўзганинг афзал бўлишини фақат ота-онагина истайди. Ҳар бир ота-она фарзандининг ўзидан ҳам иқтидорли, салоҳиятли ва олий мартабали бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ота-она ўз фарзандига дунёнинг бор бойлигини-ю, яхшиликларини ҳадя қилишга доимо шай туради.
Абдулла Авлоний ёзган эканлар: “боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак – танани пок тутмоқ, ёш вақтиданоқ маслакини тузатмоқ, яхши хулқларни ўргатмоқ, ёмон хулқлардан сақлаб ўстирмоқдир. Тарбия қилувчилар табиб кабидурки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл маразига “яхши ҳулқ” деган давони ичидан, “поклик” деган давони устидан беруб, катта қилмак лозимдур.... Ҳукамолардан бири: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, - демиш.
Демак, оилада ҳам ота-она ўз ахлоқий тарбияларига, ўзаро муносабатларига алоҳида эътибор қаратмоқлари зарур. Чунки, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида бола тарбиясига эътибор камайиб кетади. Шу боис ҳам Абдулла Авлонийнинг ”Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, деган фикрни ёш авлод тарбиясини амалга ошириш жараёнида доимо ёдда тутишимиз лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айрим ота-оналар ўз фарзандларининг тарбияси учун бутунлай мактаб жавобгар, деб ҳисоблашлари ҳам маълум. Бундан кўринадики, шундай оила фарзандлари ота-она ва оила тарбиясидан маҳрум. Бундай ҳол эса, ушбу ота-оналар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 64-моддасида белгилаб қўйилган: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деган талабнинг тўлиқ бажарилмаётганини кўрсатади.

Таълим муассасаларида ўқиш жараёнида бола илмли, маълумотли бўлади, шу билан бирга, унинг тарбияси, асосан, оилада ва тегишли ижтимоий муҳитда шаклланади. Тарбия инсон шахсини, унинг маънавий қиёфасини шакллантиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар тизими бўлиб, унинг фарзандни боқиб, вояга етказиш, таълим жараёнида олган билимларини амалиётда қўллай олишга ўргатиш, кўникма ҳосил қилиш каби турлича талқинлари мавжуд. Масалан, касб-ҳунарга ўргатишни ҳунар тарбияси, ахлоқ-одобга ўргатишни ахлоқий тарбия, бирор санъат турини ўргатишни бадиий тарбия, жисмоний машқларни ўргатишни жисмоний тарбия, ҳуқуқ асосларини ўргатишни ҳуқуқий тарбия ва шу кабилар деб юритилади. Бундан кўриниб турибдики, тарбия таълимсиз амалга ошмайди. Болага таълим беришдан мақсад унинг кетидан тарбия бериш, яъни таълим жараёнида эгаллаган билимларини амалиётда қўллай олишга ўргатишдир.

Инсон шахсини шакллантирувчи таълим ва тарбия бир-бири билан узвий боғлиқ жараёнлардир. Бизнинг аждодларимиз таълим ва тарбиянинг ўзаро диалектик боғланган жараён эканлиги, уларни бир-биридан ажратиб бўлмаслиги ва уйғунлигини яхши тушуниб етганлар ва ўз амалий фаолиятларида унга риоя этганлар. Абдулла Авлоний таълим ва тарбиянинг муштараклиги ҳақида шундай деб ёзган: ”Дарс (яъни таълим) ила тарбия орасида бир оз фарқ бўлса ҳам, иккиси бир-биридан айрилмайдургон, бирининг вужуди бирига бойланган жон ила тан кабидур....Чунки дарс олувчи – билувчи, тарбия олувчи – амал қилувчи демакдур.”

Тарбия соҳасидаги ҳозирги муаммолар бўйича тадқиқот олиб бораётган Оилавий Уюшмаларнинг Миллий иттифоқи маълумотларига кўра вояга етмаган болаларнинг уяли телефондан фойдаланиши (“Одноклассники” ва шу каби мулоқотлар)га бир йилда ўртача 2880 соат (бир кунда 8 соатгача), турли медиа мулоқот воситаларидан фойдаланиб медиа мулоқот билан машғул бўлишлари бир йилда ўртача 1440 соат (бир кунда 4 соатгача), ота-оналарининг вояга етмаган фарзандлари билан мулоқотлари бир йилда ўртача 154 соат (бир кунда 25 дақиқа) ни ташкил этаяпти. Болаларнинг мактабда ўқитувчилар раҳбарлигида 9 ой давомида бир кунда 6 тагача дарсда бўлишлари кунига 4,5 соатгачани ташкил этади. Шу айтилганлар вояга етмаган болалар ҳар куни уяли телефон ва бошқа медиа мулоқот воситаларидан фойдаланишга 12 соатгача вақт сарфлаётганлари, ота-оналари билан мулоқотлари бир кунда 25 дақиқа эканлигини, бу эса, фарзандларимиз виртуал мулоқот, интернет таъсирида яшаётганлигини кўрсатиб турибди. Бунинг натижасида юз бераётган турли салбий ҳолатлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўплаб хабарлар ҳамда фикр-мулоҳазалар ёритиб борилмоқда.

Бундай ҳолатлар тарбия соҳасидаги муаммоларнинг кўпайиб боришини келтириб чиқараётган жиддий сабаблардан бўлиб, дунё миқёсида педагоглар ва тарбиячилар уларнинг ечимини топиш устида бош қотирмоқдалар.
Глобаллашув шароитида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳақида гап кетар экан, масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратиш лозим. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замонинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Нега деганда, биз юртимизда очиқ ва эркин демократик жамият қуриш вазифасини ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз.”
Бундан тарбия соҳасида болаларда ёшлик давридан бошлаб юксак маънавий- ахлоқий сифатларни шакллантириш, уларнинг билимларни пухта ўзлаштиришлари, мустақил фикрлаш қобилиятлари ва мафкуравий иммунитетларини мустаҳкамлаб боришни таъминлашнинг самарали чораларини кўриб бориш талаб қилинади.

“Кимки ахборотга эга бўлса, у дунёга эгалик қилади”, - деган фикр бугунги кунда барча томонидан эътироф этилган. Шундай экан, бугунги кунда ҳар бир фуқаромизда ахборот олами имкониятларидан оқилона фойдаланиш, яъни медитаълим саводхонлигини ошириш ҳаётий-амалий аҳамиятга эга.
Маҳмудхўжа Беҳбудий миллат келажаги ҳақида қайғуриб фикр юритар экан, “Дунё қурмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, -деб таъкидлаган эди.

Илмдан юз ўгирган мамлакатлар ўзга мамлакатларга қул бўлишдан аввал ўз жоҳилликларига қул бўлган эдилар. Зеро, Суқрот деган эдики: “Фақат бир эзгулик бор – билим, ва фақат бир ёмонлик бор – жаҳолат”. Нажот эса бир – Бухорий ҳазратлари айтганларидай, “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмаган”. Қай миллат олам аро улуғликни истабди, Юсуф Хос Ҳожибнинг ўгитларига амал қилсин: “Ўқув қайда бўлса, улуғлик бўлур, билим қайда бўлса, буюклик бўлур”. Бу фикрлар дунё нега минг йиллардан бери илмсиз одамнинг улуғланганини кўргани йўқ, каби саволларга энг тўғри жавобдир. “Қутадғу билиг”да шундай ҳикматли сатрлар бор: “Ҳар бир қийин ишлар илм билан ҳал қилинур. Шунинг учун ақлли бўл. Илмли бўл. Ақл билан яша. Илмни тўғри тил билан ишлат. Яна бир тарафдан ўрганишни қўйма.”
Таъкидлаш жоизки, XXI асрда, шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув жараёнлари, интеллектуал салоҳият, интернет ва ахборот- коммуникация технологиялари ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани, бугун ҳаммамизга аён. Ана шундай талабларни ҳисобга олиб, улар билан ҳамоҳанг бўлиб яшашимиз зарур.

Қундуз Солихова,
Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини
қайта тайёрлаш ва уларни малакасини
ошириш марказий институти катта ўқитувчиси