2016 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон халқи оғир жудоликка учраган эди. Ўша куни, халқимизнинг оташқалб фарзанди, мамлакатни сиёсий мустақилликка олиб чиққан ва ёш республиканинг мустаҳкам оёққа туриб олиши йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилган, узоқ йиллар давомида мамлакатни бошқариб келган улуғ зот, бутун дунё тан олган йирик сиёсий арбоб – Ислом Каримов вафот этган эди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2744-сонли Қарорига асосан, 2 сентябрь мамлакатимизда “Хотира куни” деб эълон қилинди ва барча таълим муассасаларида дарслар Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасини ёд этишга бағишланди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуслари билан ташкил этилган Тошкент давлат стоматология институтида ҳам, у кишини ёд этишга бағишланган дарс машғулотлари бўлиб ўтди. Институтдаги барча маърузалар залларида курслар ва факультетлар кесимида жамланган талаба-ёшларга Ижтимоий фанлар кафедраси ҳамда институт Маънавият ва маърифат бўлимининг мутахассислари маъруза ўқиб бердилар ва ёшларни мамлакатимизнинг Биринчи Президенти таржимаи холи, унинг раҳбарлигида олиб борилган доно сиёсат ва бу даврда эришилган ютуқлар ҳамда унинг издоши бўлган, халқимиз томонидан юксак ишонч билдирилиб сайланган Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган ижобий фаолият билан таништирдилар.
Дарслар қизиқарли, замонавий услубий материаллардан фойдаланган ҳолда ташкил этилди. Шунингдек, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим қилинган, И.А.Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланган махсус ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди. Дарслар давомида сўзга чиққан талаба-ёшлар ҳамда профессор-ўқитувчилар Ислом Каримов халқимиз қалбидан абадий жой эгаллаганлиги тўғрисида сўзладилар ва уларнинг васиятларини амалга ошириб, Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизнинг жаҳо нмайдонларидаги обрўсини оширишга хизмат қилишга ваъда бердилар.