2017 йил 4-6 август кунлари Хитойнинг Гонг Конг шаҳрида ҳар йили ўтказилиб келинадиган Гонг Конг Халқаро стоматологик кўргазма ва симпозиум бўлиб ўтди. Ушбу симпозиум ва кўргазма “Стоматолоигяда янги горизонт-New Horizon in Dentistry” номи остида ташкил қилинди ва стоматология соҳасида эришилган энг сўнгги ютуқлар намойиш этилди.


Бу сафар симпозиум ўзгача тарзда ташкил қилинди ва симпозиум доирасида биринчи марта “Бир камар, бир йўл” оғиз бўшлиғи саломатлиги саммити (Inaugural Belt & Road Oral Health Summit) ташкил этилди. Саммитга дунёнинг турли давлатлари, жумладан, Руминия, Россия, Малайзия, Сингапур, Непал, Филиппин, Индонезия, Ҳиндистон, Мянмар, Непал, Вьетнам, Исроил, Камбоджия ва ҳ.з. каби давлатлардан ташқари марказий осиёдан вакил сифатида Тошкент Давлат стоматология институти мутаҳассислари (Ж.А.Ризаев ва Б.О.Худанов) ҳам маърузачи сифатида таклиф қилинди.
Маърузачи Б.Худанов Ўзбекистондаги стоматологик касалликлар ҳолати, уларни камайтириш йўлида олиб борилаётган Давлат сиёсати, яратилган кенг шароитлар, ТДСИ томонидан олиб борилаётган ишлар, ТДСИда ташкил этилган No Cavity Club фаолияти, ҳудудлардаги тарғибот ташвиқот ишлари, аҳолининг турли қатламлари учун ўтказилаётган маърузалар, оғиз бўшлиғи гигиенаси бўйича маҳорат дарслари, талабаларнинг малакавий амалиёт давридаги паторонаж хизматидаги ўрни ва келгуси режалар ҳақида тўхталиб ўтди. Маъруза конференция иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Маърузачи сифатида Ўзбекистондан ташқари Малайзия, Сингапур, Гонг Конг, Руминия, Россия, Исроил давлатлари вакиллари ҳам сўзга чиқишди. Маъруза сўнгида барча маърузачиларга Ташаккурнома сертификатлари тақдим этилди.
Юқори даражада ўтган тадбирда Буюк ипак йўлида жойлашган давлатларнинг стоматология соҳасидаги эришилган ютуқлари, мавжуд муаммолар ва уларни биргаликда ҳал қилиш бўйича кенг қамровли маърузалар ўқилди, маърузалар сўнгида конференция резолюцияси қабул қилинди. Резолюцияда юқоридаги Буюк ипак йўлида жойлашган давлатларда стоматологик саломатлик ҳолатини яхшилаш учун олиб борилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди.


Юқори руҳда ўтган конференция расмий кечки дастурхонга уланиб кетди. Ушбу тадбир давомида Гонг Конг ва Хитой стоматология ассоциациялари ўртасида ҳамкорлик меморандумлаи имзоланди, юқори натижаларга эришганлиги учун Др.Тин Чун Вонг (FDI- жаҳон стоматология федерацияси президенти-2013-2015), Др.Патрик Хескот (FDI президенти), Др.Зигмун Леунг (Гонг Конг стоматология ассоциацияси президенти) ва бошқа бир қанча мутаҳассислар турли даражада Гонг Конг стоматология ассоциацияси томонидан мукофотландилар. Тадбир давомида Тошкент Давлат стоматология институтига ҳам махсус сертификат тақдим этилди.
Конференция навбатдаги расмий учрашувга уланиб кетди. 8 август куни стоматология соҳаси бўйича халқаро QS рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турган Гонг Конг университети стоматология факультети декани профессор Томас Флеммиг, декан ўринбосари профессор Эдуард Ло, жаҳон Др.Тиг Чун Вонг ва бошқа вакиллар билан расмий учрашув ўтказилди. Учрашув давомида икки олий таълим муасасаси ўртасида ҳамкорлик ишлари, тажриба алмашиш, талабалар, профессор-ўқитувчилар алмашинувига доир маслалар кенг муҳокама қилинди. Учрашув сўнгида икки муассаса ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ўйлаймизки ушбу бошланаётган ҳамкорлик ишлари тез орада ўз самарасини беради.
Бахтинур ХУДАНОВ