Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда олий таълим тизимини модернизация қилиш, ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини такомиллаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.


Айтиш жоизки, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим масалалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари бўлиб ўтган мажлисларда белгиланган вазифалар, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш ва соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ бошқа долзарб масалаларни ҳал этишда соҳа мутаҳассисларини Давлат раҳбари қўйган вазифаларни ўз вақтида ва тўлақонли бажаришга ундайди.
Давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизимини комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари белгилаб берилди. Ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш белгиланган.
Шу билан бир қаторда, Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 6 майдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.


Тошкент давлат стоматология институтида ҳам, бу борада кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 3-5 май кунлари ташкил қилинган биринчи халқаро стоматология конгрессида дунёнинг 20га яқин ривожланган давлатлари вакиллари иштирок этиб, жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий қилиш, шунингдек,ўқув-педагогик фаолиятга, малака ошириш курсларига хориждаги таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда амалиёт ўташини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиб олган эдилар.
3-4 июнь кунлари эса, институтда хорижлик мутахассис иштирокида навбатдаги “Маҳорат дарслари” ташкил қилинди. Тошкент давлат стоматология институти Осиёнинг ушбу соҳадаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган Ёнсей университети (Жанубий Корея) билан ҳамкорлик меморандуми имзолаган бўлиб, ушбу ҳамкорлик доирасида ташкил қилинган, “Микроимплантантларни қўллаган ҳолда жаррохлик аралашувисиз ҳамда протезлашсиз илғор биомеханика ёрдамида даволаш” мавзусидаги маҳорат дарсини Ортодонтия кафедрасининг мудири профессор Ки Джун Ли (Professor Kee Joon Lee) олиб борди. Йирик мутахассиснинг дарс машғулотлари нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиёда ҳам қизиқиш уйғотиб, уни тинглаш учун Тошкентга россиялик ва қозоғистонлик меҳмонлар ҳам ташриф буюрдилар. Икки кун давом этган “Маҳорат дарслари” Ортодонтия йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар ва ёш олимлар учун замонавий илғор технологиялар билан яқиндан танишиш имконини берди.